2017 йилнинг 22 март куни Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмий сайтида Бандликка рухсат бериш тизимининг корейс тилидан тест синовлари бўйича хабар эълон қилинди. Унга кўра, 27-28 март кунлари рўйхатга олишнинг биринчи босқичи ўтказилиб, унда номзодлар онлайн анкета тўлдириши, 29-30 март кунлари бўладиган иккинчи босқичда эса корейс тилидан онлайн савол-жавобда иштирок этиши белгиланганди.
Кутилганидек, юз минглаб фуқароларимиз ўз омадини синаб кўриш мақсадида рўйхатдан ўтишга киришди. Катта томоша ана шунда бошланди. Кун бошиданоқ одам кўплиги учун сайт қотиб қолди. Сўнгра рўйхатга олиш бир кунга қолдирилди. Кўпчилик катта қийинчилик билан рўйхатдан ўта олди.
Номзодлар сони ниҳоятда кўплиги сабабли иккинчи босқич учун янги қоидалар ишлаб чиқилди: ҳамма ўз фамилиясининг бош ҳарфи учун ажратилган вақтда савол-жавобда иштирок этадиган бўлди. Яхши ўйланган тактика. Бироқ яна техник жиҳатдан муаммолар пайдо бўлди. Кимдир рўйхатдан ўтиш вақтида берилган логин-пароли нотўғри эканига дуч келса, кимдир навбати келишини кутиб сарғайди. Тўрт кунлик томоша асносида Миграция агентлиги томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга бир сидра назар ташлаб чиқишга қарор қилдик.
Керакли даражада техник тайёргарлик кўрилмаган
Онлайн рўйхатга олиш жараёнида иштирок этиш ниятида бўлганлар сони жуда кўп экани олдиндан маълум эди. Бу эса онлайн жараённи тўғри, узлуксиз ва самарали ташкил этиш бўйича аввалдан жиддий тайёргарлик кўришни тақозо этар эди. Натижа эса кутилганидек бўлиб чиқмади. Синовларнинг биринчи куни алоқа вазирлигида ишловчи дўстим билан суҳбатлашдим. Айтишича, агентлик ёрдам сўраб мурожаат қилибди. Нега бунчалик кеч? Кунига олти юз минг-бир миллион киши кирса ҳам ҳеч қандай қийинчиликларсиз фаолият кўрсатаётган миллий сайтлар Ўзбекистонда ҳам кучли хостинглар борлиги ва ҳар қанча ҳажмдаги маълумотлар ва кўп сонли абонентлар билан ишлаш имкони мавжудлигидан далолат беради. Агарда Миграция агентлиги фойдаланувчилар сонининг кескин ортиб кетишини ҳисобга олган ҳолда техник тайёргарликни ўз вақтида, кераклича кўрганида, сайт бу қадар қотиб ишламас эди.
Фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш
Онлайн савол-жавоблар ўтказилган биринчи кунда Telegram орқали фуқароларнинг агентлик ишонч рақамлари операторлари билан суҳбатлари кенг тарқалди. Фуқаролар ҳақли равишда ўзларини ўйлантирган масала бўйича аниқ саволларни ўртага ташлаган. Бироқ операторлар улар билан адекват суҳбатлашмади. Саволларга аниқ ва қониқарли жавоб бериш тугул, мулойимлик, босиқлик ва ҳурмат билан муомалада бўлмагани, баъзи ўринларда оҳанг-овозини баландлатгани, фуқароларни менсимагани аниқ кўзга ташланиб қолди. Операторлар оҳангида “Сени ким мажбурлаяпти”, “эпласанг шу” қабилидаги баланддан келиш, менсимаслик маъноларини англаш қийин эмас...
Расмий сайтнинг саводсизликларча юритилиши
Миграция агентлигининг migration.uz, info.migration.uz, test-migration.uz сайтлари шу қадар саводсизлик билан юритилмоқдаки, ундаги имловий, грамматик хатолар, пала партиш, ўлда-жўлда жумлалар, шевага хос сўз ва ифодаларни ўзбек тилига нисбатан очиқча ҳурматсизлик, деб қабул қилиш мумкин. Бутун бошли ташкилотда ўзбек адабий тилини биладиган ва уни эъзозлайдиган бирорта одам бўлмаса бизга мурожаат этишсин, барча матнларни БЕПУЛ ўқиб, таҳрир қилиб берамиз!
Камситиш, пастга уриш, қўрқитиш ва ошкора ҳурматсизлик
Миграция агентлиги сайтига кирган одам ўзини камситилган, ерга урилгандай ҳис этиши аниқ. Ҳамма жойда қизил ва катта ҳарфлар билан "БЕКОР ҚИЛИНАДИ”, “ТАҚИҚЛАНАДИ”, МУМКИН ЭМАС” ва ҳоказо жумлалар босиб кетган. Бундай дўқ-пўписаларсиз ҳам қоидаларни тушунтириш мумкинку! Шу жумлаларни ёзар эканман, бир неча йиллар муқаддам айнан Миграция агентлигида корейс тилидан дарс берган танишимнинг сўзлари ёдимга тушди. У агентликка ишга кирганида биринчи бўлиб ташкилотдаги асосий қоида қулоғига уқтирилган экан: бу ерда ўқиётган фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш, уларга заррача яхши гапирмаслик, доим ерга уриб муомала қилиш керак. Ишонмасангиз, ўзингиз агентликка боринг ёки уларга қўнғироқ қилиб кўринг. Ўзингизни айбдор, ерга урилган, камситилган одамдай ҳис этишингиз аниқ.
Онлайн имтиҳон жараёнининг тўғри ташкил этилмагани
1 апрель куни онлайн имтиҳонларнинг биринчи куни номзодларга кутилмаган “туҳфалар”ни тортиқ қилди. Биринчидан, сайт аввал эълон қилинганидек соат 9:00да ишлаб бошламади. Эълонга кўра фамилияси А ҳарфи билан бошланувчилар соат 9:00дан 11:00гача савол-жавобдан ўтишлари керак эди. Аммо сайтга имтиҳон топширишга кирганлар сабр қилинг, ҳозир 5 минг одам имтиҳон топшираяпти, 20 дақиқадан кейин навбатингиз келади, деган матнга дуч келишди. Бу қоида аввалдан эълон қилинмаган эди. Қолаверса, гарчи рўйхатга олингани тўғрисида хабарномасини сақлаб қўйган бўлса ҳам, кўпчилик савол-жавобларда қатнаша олмади. Сайт киритилган логин-парол нотўғри эканини кўрсатаверди...
Аҳмоқона савол-жавоблар
Буларнинг барчаси ҳолва экани савол-жавоблар бошланганидан сўнг маълум бўлди. Қоидага кўра, корейс тилидан билим даражани аниқлаш учун корейс тилидан савол-жавоб бўлиши керак бўлган ўринда, ўзбек тилида тарих, адабиёт, она тили, кимё, физика, ҳуқуқ, география, биология каби фанлардан бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим саволлар берила бошланди. Энг қизиғи, 20та савол учун 10 дақиқа берилган бўлса, бу вақт саволлар бўйича тенг тақсимланмаган. Айрим саволларга 45 сония, баъзиларига 10 сония вақт берилди. Бу вақтда одамлар фикру хаёлини тестни ечиш эмас (чунки саволларни ўқиган академикларнинг ҳам капалаги учиши аниқ), уларни расмга олиб, ижтимоий тармоқларда бўлишиш эгаллаб олди.
Саволлардаги жиддий сиёсий хатоликлар
Саволлар қанчалик кулгили, мантиқсиз туюлмасин, улардаги жиддий сиёсий хатоликлар агентликда бирорта қонуншунос, ҳуқуқшунос бўлмаса керак, деган тасаввурни уйғотади. Оддий мисол:
“Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Ре...” савол тугалланмай қолган тестда тўғри жавоб ҳам келтирилмаган! Ўзбекистоннинг бош қомуси Конститиция боб ва моддалари бўйича тушган саволларда ҳатто Ўзбекистон сўзи тўғри ёзилмаган, тўғри жавоб эса умуман йўқ. Буни қандай тушуниш, қандай қабул қилиш мумкин?
Хуллас, ҳиссиётлар, эҳтирослар жунбушга келди, ҳуқуқлар оёқости бўлди, катта бир ташкилот ўзини ўзи шарманда қилиб, халқ кулгига қолди. Президент виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатлар, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар изсиз ғойиб бўлмаслиги, барча айбдорлар муносиб жазоланиши, масала бир ёқли бўлишидан умидвормиз...
Санжар Саид, блогер
Manba: Kun.Uz
Manba: Kun.uz
|